Дастурхонларимиз тўкинлиги йўлида.
Ўзбекистон – жаннатмонанд диёр. Саховатли заминимизда етиштирилмайдиган ноз-неъматнинг ўзи йўқ ҳисоб. Дастурхонларимиз тўкинлиги, ризқ-рўзимизнинг бутунлиги мўл-кўл сув ва сахий Қуёшнинг меҳр тўла тафти билан бирга деҳқон меҳнатига, ерга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликка ҳам боғлиқдир. Зеро, халқимиз ерни боқсанг боғ бўлур, деган нақлни бежиз айтмаган. Унумдор ергина кутилган мўл-ҳосил бериши кўпчиликка сир эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 16 декабрдаги “2009 йилда қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича амалий ҳаракатлар режаси талабларининг бажарилиши юзасидан республикамиз ички ишлар идоралари томонидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 30 апрелдаги “Аммиакли селитрани ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, тарқатилиш ва ишлатилишини назорат қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида қишлоқ хўжалиги учун муҳим бўлган мазкур хомашёни ташиш, сақлаш, тарқатилиш ва ишлатилишини назорат қилиш ички ишлар идоралари ходимлари зиммасига юклатилган эди. Ана шундан келиб чиқиб, юқорида номлари зикр этилган қарор ва ҳаракат режаси юзасидан кўрсатма тайёрланди ва бажариш учун жойларга юборилиб, ижроси назоратга олинди.
Жорий йилнинг 26 январида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва “Ўзкимёсаноат” давлат акционерлик компанияси томонидан 2009 йил ғалла ҳосили учун минерал ўғитларни етказиб бериш даврида уларнинг республикамиздан ноқонуний олиб чиқиб кетилиши, ўғирланиши, талон-тарож қилиниши ва хонадонларда ноқонуний сақланишини олдини олиш, ташиш, сақлаш ва ишлатилишида назоратни кучайтиришга доир чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Мазкур компания билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг “Қишлоқхўжаликкимё” ҳудудий акционерлик жамиятларида ҳудудий ички ишлар идоралари ходимлари билан ўқув-профилактик семинарлар ўтказилди.
Айни пайтда “Қишлоқхўжаликкимё” ҳудудий акционерлик жамиятларига қарашли аммиакли селитра минерал ўғити сақланаётган омборларнинг барчаси жойлардаги “Қўриқлаш” бўлимлари билан тузилган шартномаларга асосан ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ишончли қўриқланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, минерал ўғитларни кимё корхоналаридан темир йўл транспортида “Қишлоқхўжаликкимё” ҳудудий акционерлик жамиятига қарашли омборхоналар жойлашган темир йўл бекатларигача ташиш жараёнида Транспортдаги ИИБ ҳузурида аммиакли селетрани ташилишини кузатиш бўйича ташкил этилган Алоҳида милиция батальони ходимлари томонидан, темир йўл бекатидан омборхоналаргача бўлган масофада эса ҳудудий ички ишлар идоралари ходимлари томонидан кузатиб борилмоқда. Айниқса аммиакли селитра ўғитини марказлашган омборлар ва шахобчалардан ширкат ва фермер хўжаликларига олиб бориб сепиш жадвал асосида ички ишлар ходимлари, кимё агрономлари ва маҳалла посбонлари кузатувида амалга оширилмоқда. Минерал ўғит ортилган ҳар бир транспорт воситасининг белгиланган манзилга етиб бориши тўлиқ назоратга олинган.
Алоҳида милиция батальони томонидан 2009 йилнинг дастлабки уч ойи мобайнида “Фарғонаазот”, “Максам-Чирчиқ” ва “Навоийазот” ОАЖлардан “Қишлоқхўжаликкимё” акционерлик жамияти омборхоналаригача 124519,62 тонна, шундан 5692 та вагонда жами 123480,12 тонна ва 184 та машинада 1039,5 тонна аммиакли селитра кузатиб қўйилди. Ички ишлар идоралари ходимларининг хушёрлиги туфайли тайёр маҳсулотни кимё корхоналаридан омборларга ташигунча бўлган масофа оралиғида минерал ўғитнинг ўғирланиши ва талон-тарож қилинишига йўл қўйилмади. Бироқ маҳсулотни жойлардаги омборхоналарда сақлаш, экин майдонларига сепиш жараёнида ички ишлар идоралари ходимлари томонидан 28 та ўғирлик ва талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланди. Минерал ўғитлар билан боғлиқ бўлган ҳолатлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан 16 та жиноий иш қўзғатилди. Бундан ташқари, уч нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларга тегишли миқдорда жарима солинди. - Афсуски, қишлоқ хўжалиги экинлари унумдорлигини оширишга хизмат қиладиган бундай тайёр хомашёни ўз манфаати йўлида талон-тарож қилувчилар, мўмай даромад илинжида уни пуллашни кўзловчи шахслар ҳам топилиб турибди, - дейди Ички ишлар вазирлиги Патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Ғайбулла Пармонов.
- Мисолларга мурожаат қилайлик. Фарғона вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ Минерал ўғитларни ташиш, сақлаш, тарқатиш ва ишлатишни назоран этиш бўлими ходимлари ва вилоят Божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамкорликда ўтказган тадбирда ана шундай ноқонуний “операция” фош этилди. “Фарғона-Чимён” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган А.Режапов, Б.Акбаров, М.Дадабоев ва А.Дадабоевлар бошқарувидаги “КАМАЗ” 5320 русумли юк автомашиналари “Сатторобод” блок-постида текширилганида уларнинг ҳар бирида 15 тоннадан жами 60 тонна, умумий нархи 17 миллион 228 минг 400 сўмни ташкил этадиган карбомид минерал ўғити борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинди. Дастлабки суриштирув ишлари давомида ўғит Фарғона туманида яшовчи “Дилшода-Бахтиёр Замин” фермер хўжалиги раҳбари Б.Холхўжаевга тегишли экани, у ўғитни нотаниш шахсдан ҳар бир килограммини 280 сўмдан сотиб олгани аниқланди.
Шунингдек, Хоразм вилояти ИИБ ЖҚ ва ТҚКБ ҳамда КР ва ТККБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Гурлан туманида яшовчи Т.Матўрозов укаси О.Матўрозов билан бирга шу туманда яшовчи фуқаро Ж.Тўраевга ҳеч қандай ҳужжатларсиз умумий нархи 4 миллион 793 минг 586 сўмлик 7 тонна аммофосни 3 миллион 780 минг сўмга сотаётганлиги аниқланиб, ушланди. Олиб борилган дастлабки суриштирув жараёнида Т.Матўрозовнинг хонадонида сотиш мақсадида сақлаб қўйилган умумий нархи 25 миллион 666 минг 750 сўмлик 63360 килограмм сульфат-аммоний, карбомид, суперфос ва аммофос ўғитлари борлиги аниқланиб, уларнинг барчаси далилий ашё сифатида олинди ва ака-ука Матўрозовларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Минерал ўғитларни ўғирланиши, талон-тарож қилиниши, четга олиб чиқилиши ва хонадонларда ноқонуний сақланиши бўйича аниқланган ҳолатлар бўйича жавобгарлардан қарийб 85 миллион сўмлик 253 тонна 361 килограмм миқдордаги ўғит мусодара қилинди.
Жорий йил мамлакатимизда Қишлоқ тараққиёти ва фаравонлиги йили деб эълон қилинди. Бу бежиз эмас, албатта. Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш ва дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлаш айниқса жаҳонда кузатилаётган иқтисодий инқирозлар даврида муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, заминимизни озиқлантирадиган, унга қувват бағишлайдиган минерал ўғитларни фақатгина кўзда тутилган мақсадларга хизмат қилишини таъминлаш ички ишлар идоралари ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Ана шу масъулиятни унутмайлик.



