Газеталар

Ўзбекистонда хорижликлар иштирокидаги жиноятлар сони ортмоқда.

Ўзбекистон Республикаси хуқуқ-тартибот идоралари саъй-ҳаракати билан мамлакатда жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва жамоат тартибини сақлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар натижасида республикада айрим давлатлардагидан фарқли равишда криминоген вазият барқарор бўлиб қолмоқда.

Содир этилган жиноятларни изи совумасдан очиш, айбдорларга нисбатан тегишли жазо чораларини кўриш, жиноятчиликка қарши курашда жамоатчилик билан яқиндан ўрнатилган ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда. Натижада республикада оғир жиноят турлари сони йилдан йилга камайишига эришилмоқда. Бироқ содир этилаётган жиноятлар таркибида чет эл фуқаролари иштирокида содир этилган жиноятлар сонининг ортаётгани ташвишли ҳолдир.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра 2009 йилнинг дастлабки уч ойи мобайнида жами 72 нафар чет эл фуқароларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Бу борада айниқса Тожикистон Республикаси фуқаролари етакчилик қилади. Жумладан, йил бошидан буён 32 нафар Тожикистон Республикаси фуқаросига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Шунингдек, 8 нафар Қозоғистон Республикаси фуқароси, 7 нафар Қирғизистон Республикаси фуқароси, 7 нафар Россия Федерацияси фуқароси турли кўринишдаги жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилганлар.

Жиноят содир этганлиги учун қўлга олинганлар орасида Афғонистон Ислом Республикаси, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Исроил давлатларининг фуқароларини ҳам кўриш мумкин.

Хорижликлар томонидан содир этилган жиноятлар таркибида қотиллик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, талончилик, одам савдоси ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланиш каби оғир жиноятлар кўпчиликни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ

Матбуот маркази