АЗМУ ШИЖОАТЛИ СЕРЖАНТЛАР.
Гўзал диёримизнинг барча гўшаларида халқимизнинг қадимий ва улуғ айёми – Наврўз кенг нишонланаётган шу кунларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курслари талабаларининг навбатдаги битирувига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Маълумки, сержантлар ички ишлар идораларининг профессионал негизини ташкил этади. Мана, қарийб беш йилдирки, Олий курсларда кўплаб мутахассис сержант кадрлар тайёрланмоқда. Мазкур таълим муассасасида таҳсил олганлар патруль-пост, йўл-патруль, қўриқлаш, жазони ижро этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш, ёнғин хавфсизлиги хизматлари бўйича орттирган билим ва кўникмаларини ички ишлар идораларида қўллаб келмоқда.
Бўлажак сержантлар учун тўрт цикл, яъни махсус, юридик, гуманитар ва ижтимоий-ҳуқуқий, хизмат ҳамда жанговар-жисмоний тайёргарлик машғулотлари юқори савияда ўтказилиши таъминланмоқда. ўқиш жараёни ҳам замонавий, энг сўнги таълим бериш усулларида олиб борилади. Бир сўз билан айтганда, курсантлар миллий истиқлол ғояси, Ватанга, бурчга садоқат руҳида камол топмоқда.
Мана, баҳорнинг тароватли кунида курсантлар ҳаётида унутилмас лаҳза – Олий курсларни битирганлиги тўғрисидаги диплом топширишга бағишланган тантана бўлиб ўтмоқда.
Академия майдонида олий ўқув юрти тингловчилари, шахсий таркиби ва Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курслари битирувчилари тадбир бошланишини кўзларда ҳаяжон билан кутмоқда. Хизмат кийими ўзига ярашиб турган алпқомат йигитлар чеҳраларида севинч, ўктамлик, шодлик зоҳир.
МинбаргаЎзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Б. Матлюбов бошчилигидаги вазирлик раҳбарияти, ИИВ соҳавий хизмат ва Академия раҳбарлари кўтарилишди. Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курслари бошлиғи, полковник С. Тангирбердиевнинг вазирга битирувчиларнинг маросимга тайёрлиги тўғрисидаги берган билдиргисидан сўнг барча орзиқиб кутган диплом топшириш тантанаси бошланди. Йигитлар сафдан чиқиб, шахдам қадамлар ташлаб, устозлари олдига диплом олиш учун кела бошлади. Дипломни қўлга олиб «Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан» деб баралла айтаётган йигитларга, шодиёнага келганлар ҳавас билан боқаётганини сезиш қийин эмас. Ички ишлар вазири Б. Матлюбов битирувчиларнинг 15 нафарига имтиёзли диплом ва кўкрак нишони топширди.
Шундан сўнг, генерал-лейтенант Б. Матлюбов нутқ сўзлади. Вазир ўз сўзида давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва бевосита бошчилигида сержант ва офицер кадрларни профессионал жиҳатдан тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган хайрли ишлар бугун ўз ижобий натижасини бера бошлаганлигини айтиб ўтди. Бундан буён эл-юрт тинчлигини таъминлаш, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сержантлар ҳаётининг мазмуни бўлиб қолиши лозимлигини таъкидлади.
Нотиқ ёш сержантларга юртимиз фаровонлиги ва осойишталиги йўлида машаққатли, шу билан бирга, шарафли хизмат фаолиятларида муваффақиятлар тилар экан, жумладан, шундай деди:
– Азиз битирувчилар! Сиз нуфузли олий таълим муассасасини тамомлаб, эндиликда фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлашдек шарафли ишга йўл олмоқдасиз. Шундай экан, билдирилган ишончни оқлаб, таълим даргоҳида эгаллаган билим ва кўникмаларга суянган ҳолда, зиммангизга юклатилган масъулиятли вазифаларни тўла-тўкис бажариш сиз учун катта шараф. Сизлар ҳам фидойи ходимлар сафидан муносиб ўрин олишингизга ишонаман.
Майдон узра Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Шундан кеéин минбарда сўз олган жамоатчилик вакиллари битирувчиларни унутилмас кун, ажойиб шодиёна билан қизғин муборакбод этди. Академия профессор-ўқитувчилари номидан юридик цикли бошлиғи, подполковник Самад Қамраев битирувчиларга муваффақият тилади. Ота-оналар номидан тошкентлик Севара Қосимова барча йигитларни қасамёдига содиқ қолиб, билдирилган ишончни оқлашга чақирди. Кичик сержант Илҳом Аббосов таълим берган устоз-мураббийларига миннатдорчилик изҳор қилди.
Қувончдан шодон ота-оналар, битирувчи ва уларнинг яқинларини суҳбатга тортамиз.
– Мен ушбу даргоҳда қўриқлаш хизмати йўналиши бўйича керакли билим ва кўникмаларга эга бўлдим, – дейди Навоий вилояти Кармана туманилик битирувчи, кичик сержант Акмал Турсунов. – Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган ушбу курсларда курсантларга эътибор катта бўлиб, бизларга замонавий ўқув-методик хоналарда малакали профессор-ўқитувчилар дарс беришди. Таълим олиш билан бир қаторда, миллий кураш ва қўл жангидан мукаммал сабоқ олдим.
– Неварам Жаҳонгир Эргашевнинг мартабаси баланд бўлсин, юртимизда тинчлик ва осудалик ҳукм сурсин, – дея дуо қилди Самарқанд вилояти Ургут туманилик ҳожи она Ойдин Ражабова. – ўн битта фарзандим, 100 га яқин невара ва эвараларим бор. Мана, Жаҳонгирни ички ишлар ходими либосини кийиб хизматга бел боғлаб турибди. Ҳамма йигит-қизлар ҳормай-толмай эл корига камарбаста бўлиб юришсин.
– Кенжа ўғлим Жетс Урашаев ички ишлар ходими бўлишни хоҳлади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидан Турдихан Хўжалепесова. – Мана, бугун мутахассислик дипломини қўлга олди. ўғлим, халқига, Ватанига хизмат қилса, мендан бахтли она йўқ.
Кимдир жигарбандини қутлаб, қучоқлаган, яна кимдир яқинига гул тутган. Меҳрибон оналарнинг кўзидан қалқиб тушаётган ёш – севинч, шукроналик, фарзанд жамолидан бахтиёрлик, эртанги порлоқ истиқболга умид томйилари эди. Ҳамманинг чеҳрасида таббассум. Биз эса она-Ватанга, халқимизга садоқат билан хизмат қилишга азму қарор қилган алпқомат йигитларнинг зиммаларидаги вазифаларни шараф билан адо этишини, жиноятчиликнинг олдини олиш ва уларга қарши муносиб курашишда омад ёр бўлишини тиламиз.
Азизжон ФАЙЗИЕВ,
«Постда» мухбири.



