Интерактив хизматлар

Транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида ахборот.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 26 май 256-рақами билан тасдиқланган «Автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини олиб бориш, миллий давлат рақам белгиларини бериш ва уларни алмаштириш ишларини тартибга солиш ҳақида»ги қарори эълон қилинган.
Ушбу қарорда «Транспорт воситаларини рўйхатга олиш тартиби» белгилаб берилган.
Унга асосан:
 Автотранспорт воситалари 18 ёшга тўлган, мототранспорт воситалари эса 16 ёшга тўлган шахслар номига рўйхатдан ўтказилади (лоторея ва шунга ўхшаш бошқа оммавий ўйинларда ютуққа чиққан, васиятнома ва қонун билан белгиланган тартибда мерос асосида ўтган автомототранспорт воситалари бундан мустасно).
Мустасно тарзида автотранспорт воситаларини 18 ёшга тўлмаган шахсларга, мототранспорт воситаларини 16 ёшга тўлмаган шахсларга истисно тариқасида номига рўйхатдан ўтказишда транспорт воситаларининг қайд этиш гувоҳномаси ушбу шахсларнинг номига расмийлаштирилади. Қайд этиш гувоҳномасига ва автомототранспорт воситаларини рўйхатга олиш ҳисобга олиш карточкасига "Транспорт воситаси эгаси 18 (16) ёшга тўлгунга қадар ҳомийлик ёки васийлик қилувчи идораларнинг ёки уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, фарзандликка олувчилар ва ҳомийлар)нинг рухсатисиз шахсга нотариал тасдиқланган битимларни тузиш ҳамда ЙҲХХ органлари ҳисобидан чиқариш тақиқланади" деб ёзиб қўйилади.
Жисмоний шахсларга қарашли транспорт воситалари уларнинг доимий турар-жойларига, доимий турар-жойи бўлмаган тақдирда вақтинчалик турар-жойларига Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ муомала лаёқатига эга бўлган фуқаролар жисмоний шахслар номига рўйхатдан ўтказилади.
Транспорт воситаларини ҳарбий хизматчилар номига рўйхатдан ўтказиш турар-жойига рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ички ишлар органи ёки уй-жой ажратилганлиги тўғрисида ҳарбий қисм томонидан берилган маълумотномаларга асосан амалга оширилади.
Изоҳ:

а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан олиб келинган транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш божхона хизмати томонидан бериладиган гувоҳнома асосида ва мазкур гувоҳноманинг «Божхона идоралари белгилари» бандида кўрсатилган шартлар (агар шундай шартлар назарда тутилган бўлса) ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.
  б) Савдо хуқуқига тегишли рухсатномага эга бўлган ихтисослаштирилган савдо корхоналари (автотранспорт ишлаб чиқарувчи корхоналар, уларнинг вакиллари (диллерлар) хамда воситачи (дистрибьютор) ташкилотлар) томонидан берилган хисоб-маълумотномалар.  
  Савдо хуқуқига тегишли рухсатномага эга бўлган ихтисослаштирилган савдо корхоналари (автотранспорт ишлаб чиқарувчи корхоналар, уларнинг вакиллари (диллерлар) хамда воситачи (дистрибьютор) ташкилотларига хисоб-маълумотномалар ИИВ ЙҲХХ бош бошқармаси томонидан ажратилади.  
  в) Бир вазирлик, идора, ташкилотларга қарашли ва бир молиявий тизимдаги бир ташкилот баланси(номи)дан иккинчи ташкилот балансига транспорт воситаларини юқори идораларнинг бепул ажратилганлиги тўғрисидаги буйруғи (фармойиш)дан кўчирма асосида рўйхатланади.
Транспорт воситаларини, уларнинг рақамли агрегатларини рўйхатдан ўтказишда, эгаси ўзгариши билан қайта рўйхатдан ўтказишда, ҳисобдан чиқариш вақтида транспорт воситаси ҳақидаги маълумотлар ЙҲХХ РИБ-ТРИБ-ТРБлари томонидан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБ ахборот марказларидаги олиб қочилган ёки ўғирланган транспорт воситалари рўйхати билан солиштирилади.
Мотоциклга ён кажавани ўрнатиш двигатели цилиндрининг иш ҳажми 350 куб см.дан ортиқ бўлган ҳамда уни ишлаб чиқарувчи завод томонидан кўзда тутилган бўлса рухсат этилади.
Ногиронлар томонидан бошқариладиган транспорт воситаларига қўл бошқаруви мосламасини, "Ногирон" белгисини ўрнатиш ногироннинг ёзма аризасига мувофиқ рухсат этилади ва бу ҳақда қайд этиш гувоҳномасига ёзиб қўйилади.

Транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказишга ДЙҲХХ органлари томонидан кўрсатилган жойга қўйилади. Ҳар қайси транспорт воситасининг техник кўриги рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномада (техник паспортда, техник талонда) кўрсатилган маълумотларга транспорт воситаси тури, маркаси, модели, давлат рақами белгилари, шасси (рама), кузов ва двигателнинг идентификациялаш рақамларининг мувофиқлигини текширишдан бошланади.
Ҳар қайси транспорт воситасининг техник ҳолати ва жиҳозлари стандартлар талабларига, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари ва нормаларига мувофиқлиги жиҳатидан текширилади.
Тиркамалар ва ярим тиркамаларнинг техник ҳолати ҳам автопоезд таркибида, ҳам алоҳида турган ҳолатида текширилади.
Техник кўрикдан ўтган транспорт воситалари бўйича далолатнома тузилади.
Техник кўрикдан ўтган транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасига (техник паспортига, талонига) ДЙҲХХ органининг ходими белгиланган намунада штамп қўяди, созлиги тўғрисида «SOZ» сўзини қайд этади, имзо билан тасдиқлайди ва техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисида талон беради.
Техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонни (ёки дубликатни) берганлик учун йиғим ундирилмайди.
ДЙҲХХ ходими техник кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги талоннинг йил ойлари рим рақамлари билан кўрсатилган ўнг ёки чап қисмидаги квадратлардан биттасини қирқиб олади (компостёр қилади, ўчиради). Қирқиб олинган квадрат транспорт воситасини навбатдаги техник кўрикка қўйилиши керак бўлган муддатни белгилайди.
Техник кўрикдан ўтгани тўғрисидаги талон навбатдаги техник кўрик ўтказилгунгача сақланади.
Техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талон йўқолганда (ёки яроқсизланганда) юридик ёки жисмоний шахс - транспорт воситаси эгасининг ёзма аризасига кўра рўйхатдан (вақтинчалик рўйҳатдан) ўтказилган жойдаги ДЙҲХХ органи кўрикдан ўтказилганлик фактини текширади.
Кўрикдан ўтганлиги факти тасдиқланганда ва ушбу Низомда назарда тутилган ҳужжатлар кўрсатилганда талон дубликати расмийлаштирилади ва берилади. Бунда транспорт воситасининг техник ҳолати текширилмайди ва уни навбатдаги техник кўрикдан ўтказишга қўйиш муддати ўзгармайди.
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг рухсатномасини олиш талаб қилинадиган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларга эга бўлган транспорт воситаларида тегишли рухсатноманинг мавжудлиги текширилади.
Махсус ва тезкор хизматлар транспорт воситаларида махсус рангли ва овозли сигналлар қурилмаларининг мавжудлиги, созлиги ва қонунийлиги, шунингдек транспорт воситасининг ранг-график бўяш схемаларининг стандартлар талабларига мувофиқлиги текширилади.
Консервацияга қўйилган транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказишда уларнинг бутлиги текширилади. Транспорт воситасининг соз ҳолатдалигига шубҳа туғдирадиган сабаблар мавжуд бўлганда транспорт воситасини тагликлардан қўзғатмаган ҳолда унинг двигатели ва трансмиссиясининг ишлай олиши текширилади.
Техник кўрик натижалари транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш карточкасида, шунингдек ДЙҲХХ ҳудудий органларининг ҳисобга олиш ҳужжатларида қайд этилади.
Жисмоний шахс томонидан транспорт воситасини (носозлиги ёки бошқа узрли сабаблар туфайли) техник кўрикдан ўтказишга қўйиш имконияти бўлмаган тақдирда рўйҳатдан ўтказиш, қайта рўйҳатдан ўтказиш, ҳисобдан чиқариш учун ёки (битта транспорт воситасини кўрикдан ўтказиш далолатномасини албатта тақдим этиш талаб қилинадиган) бошқа ҳолатларда транспорт воситаси эгасининг ёзма аризасига кўра ДЙҲХХ ҳудудий органи ходими томонидан у жойлашган жойда, битта транспортни кўрикдан ўтказиш далолатномаси тузилган ҳолда техник кўрикдан ўтказилиши мумкин. Далолатнома берилган вақтидан бошлаб 30 кун мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.
Техник ҳолати ва жиҳозлари йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларидан ҳатто биттасига жавоб бермайдиган транспорт воситаси ҳам носоз ҳисобланади ва ундан фойдаланиш тақиқланади.
Бундай транспорт воситасини такрорий кўрикдан ўтказиш олдинги кўрикдан ўтказилган вақтидан бошлаб йигирма кундан кечикмай, ушбу Низомда белгиланган тартибда ўтказилади. Бу ҳолда техник ҳолатни текшириш фақат олдинги кўрикдан ўтказишда йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлмаган кўрсаткичлар бўйичагина ўтказилади.
Транспорт воситаси олдинги кўрикдан ўтказиш вақтидан бошлаб 20 кундан кўп бўлган муддатда такрорий кўрикдан ўтказишга қўйилган тақдирда техник ҳолатни текшириш тўлиқ ҳажмда ўтказилади.