АДОЛАТ ЙЎЛИДА ОДИЛЛИК ЗАРУР.
“Ferghana.ru” кескин мавзулардаги материаллари билан кўпчилик эътиборини ўзига жалб қилишга уриниб келаёган сайтлардан экани яхши маълум. Ўзини бир қарашда “ҳақиқат жарчиси” сифатида тақдим қиладиган мазкур сайт саҳифаларида асосан мамлакатимизда Президентимиз ва республикамиз ҳукумати томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари хусусида лом-мим дейилмайди. Аксинча, юртимизда эришилаётган ютуқлардан кўз юмган ҳолда тирноқ остидан кир қидирилади. Асосан жамоатчилик фикрини юртимизда олиб борилаётган яратувчилик ва бунёдкорлик ғояларидан чалғитишга қаратилган, ҳақиқатга зид уйдирмаларга, арзон-гаров шов-шувларга, нохолис, бирёқлама фикрларга кўпроқ ўрин берилади.
Жорий йилнинг 23 октябрь куни сайтда ана шундай мақолаларнинг навбатдагиси эълон қилинди. “Узбекистан: Пытки вместо следствия. Адвокатские истории” (“Ўзбекистон: Тергов ўрнига қийноқлар. Адвокатлик тарихидан”) деб номланган ушбу материалнинг айнан 25 октябрь – Ички ишлар идоралари куни арафасида берилишида ҳам ўзига хос “маъно” юкланганини сезиш қийин эмас...
Мағзи пуч баёнот, ўйлаб топилган усул
Материалнинг кириш қисмида Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича судида марҳум М.Тўйчиев иши бўйича эшитув бошлангани ҳақида хабар берилади. Сўнгра сайтга хос бўлган баланд пардаларда: “Қийноқлар Ўзбекистонда аллақачон одатий тергов фаолиятига айланиб бўлган, ўз айбини қанчалар тан олиниши бугунги кунда ҳам мазкур айбнинг бош исботи ҳисобланади” дея бонг урилган.
Сўз эркинлиги мамлакатимиз Конституциясида қатъий белгилаб берилган (29-модда). Бироқ, уни суиистеъмол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу фикр оммавий ахборот воситалари жумладан, интернет-нашрларига ҳам тегишли. “Қийноқлар Ўзбекистонда аллақачон одатий тергов фаолиятига айланиб бўлган”лигини “фош” қилишга уринган интернет-нашр мутасаддилари сўз масъулиятини жиндай ҳис қилсалар, ҳеч бўлмаса замини бўш баёнотларини асослаб берсалар яхши бўлар эди. Зеро, бундай бўҳтон гапларни эълон қилишда андиша зарур.
Юқоридаги “асос”дан сўнг сайт мухбири судда марҳум М.Тўйчиевнинг онаси манфаатлари бўйича иш олиб борган, таъкидланганига қараганда, таниқли адвокат Руҳиддин Комиловдан суриштирув ва сўроқ қилишнинг ўзбек усули хусусида гапириб беришни сўраган. Шу ўринда савол туғилади: қаерда кўргансиз суриштирув ва сўроқнинг инглизча, арабча ёки ҳиндча усулини? “Ўзбек усули” деган қочириқ замирида нима назарда тутилмоқда? Бизнингча, бу мамлакатимиз тергов хизматлари фаолиятига нисбатан ишончсизлик кайфиятини туғдириш, уни обрўсизлантиришдан бошқа нарса эмас.
Материал давомида “Адолат Рахмон” хусусий адвокатлик идораси раҳбари бўлиб ишлаётган Р.Комиловнинг фаолиятидаги муваффақиятлари санаб ўтилган. Негадир русча таржимасида идора номи “Аллоҳ номи билан адолат” – “Справедливость во имя Бога” деб таржима қилинган. Ваҳоланки, Яратганннинг номи билан адолат қилишга бандасининг ҳаққи борми, деган ҳақли савол ўтади киши шууридан... Ҳимоя қилган кишиларининг исм-фамилияси ва қайси ташкилотларга алоқадорлиги рўйхатидан ҳам англаш мумкинки, Р.Комилов анойи адвокатлардан эмас. Қонун-қоидани, сўз ва инсон қадрини чуқур биладиган, яхши англайдиган ҳуқуқшуносга ўхшайди. Ҳарҳолда, агар панд бермаса, у ҳақидаги дастлабки тасаввурларимиз шундай...
Дарҳақиқат, мамлакатимизда адвокатура институтини ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, адвокатларнинг жамиятдаги ролини оширишга суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг таркибий қисми сифатида алоҳида эътибор билан қаралмоқда ва бу борада талай ишлар амалга оширилди ҳам. Узоққа бормайлик, жорий йилда республикамизда Адвокатлар палатаси ташкил этилди. Бу соҳа эгаларининг самарали фаолият олиб боришлари учун тегишли ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда.
Аёнки, адвокатура институти мустаҳкам бўлган жойдагина инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизми яхши ишлайди. Аммо ҳозир гап бу хусусида эмас. Жаноб Р.Комилов “Ferghana.ru”нинг юқорида тилга олинган “Қийноқлар Ўзбекистонда аллақачон одатий тергов фаолиятига айланиб бўлган”и ҳақидаги баёнотини “исботлаш”га киришган кўринади. У қийноқлар бўйича амалиёти давомида кўрган-кечирганларини баён қилган. Гап ана шулар ҳақида.
Айбдорлар жазоланди, жазоланади ҳам
Ички ишлар идоралари ходимлари куну тун эл тинчлиги, юрт осойишталиги йўлида жонбозлик кўрсатиб, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш борасида салмоқли натижаларни қўлга киритмоқдалар. Тизимдаги соҳавий хизматлар ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай кўринишларини – давлат, жамият, халқ учун хавф-хатар туғдирадиган жиноятларнинг олдини олиш, уларни фош этишда аҳоли ҳамда ижтимоий институтлар билан ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқдалар.
Минг афсуски, хизмат самарадорлигини ошириш борасида эришилаётган ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам йўқ эмас. Айниқса ички ишлар идораларининг айрим ходимлари томонидан йўл қўйилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар бутун тизим ҳақидаги салбий тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. Хизмат қонунчилигининг бузилишига йўл қўяётган уқувсиз ва нопок ходимларларни ўз вақтида аниқлаш, уларга тегишли тартибда интизомий жазо чоралари кўриш мақсадида Ички ишлар вазирлигида Шахсий таркиб бўйича Махсус инспекция фаолияти йўлга қўйилган. (Мазкур инспекция ва унинг жойлардаги бўлимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида мақола сўнггида алоҳида тўхталамиз).
Яна юқорида номи зикр этилган материалга қайтайлик. Адвокат Р.Комилов гўё бўлиб ўтган воқеаларнинг бошида турган, уларни кўриб-кузатган одамдек: “Дастлаб уни (М.Тўйчиев назарда тутилмоқда- изоҳ бизники) яланғоч ҳолда дўппослашади, кейин унга противогаз кийдириб, ҳавони чегаралашади...” дейди.
Муқаддас қадриятларимизга кўра, марҳумлар тўғрисида ёмон сўз гапирилмайди. Аммо ҳамонки гап инсон қадри хусусида кетаётган экан шахс ва унинг қилган ишлари хусусида маълумот бериб ўтишни лозим деб ҳисоблаймиз. Хўш, М.Тўйчиев ким эди? Уни қўлга олиш ички ишлар ходимларига нега керак бўлди? Келинг, дастлаб ана шу саволларга жавоб излайлик.
Сайтдаги материалга кўра, “Музаффар Тўйчиев 1978 йилда туғилган, сўнгги икки йил давомида Қозоғистонда ишлаб юрган, аммо ора-сирада уйига, Ангрен шаҳрига хотини ва икки нафар фарзандини кўргани келиб турган”.
Расмий маълумотларга кўра, Оҳангарон тумани Қорахитой қишлоғи Ён ариқ маҳалласида яшаган М.Тўйчиев муқаддам уч маротаба судланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жазони ўтаб қайтган. 2007 йилнинг 17 сентябрь куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлими тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 2-қисми «а» банди, 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми «а,б,в» бандлари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбланган. Унга нисбатан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган. У узоқ вақт давомида тергов идораларидан қочиб юрган.
М.Тўйчиевнинг қонуний никоҳдан ўтиб бирга яшайдиган хотини ва икки нафар фарзанди(вафотидан кейин учинчиси туғилган)дан ташқари шарий никоҳдан ўтган хотини ва ундан туғилган қизалоғи ҳам бўлган. У 2008 йил 24 март куни кечқурун ана шу хотини ва қизини кўриш мақсадида улар яшайдиган уйга келган. Тунги соат 21.20ларда Ангрен шаҳар Нуробод шаҳарчаси милиция бўлинмаси олдида бақир-чақир эшитилади. Шу ерда хизмат ўтаётган Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими Милиция таянч пункти профилактика инспектори катта лейтенант Ж.Ғаниев ташқарига чиққанида 42-уй олдида «Матиз» русумли автомашина тургани, ҳайдовчининг ёнидаги ўриндиқда М.Тўйчиев маст ҳолда бақириб ўтирганини кўради.
М.Тўйчиевни ушлаш учун зудлик билан Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлими Нуробод шаҳар милиция бўлинмасининг Жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш гуруҳи тезкор вакили катта лейтенант А.Ахмедов ва бўлинма навбатчи ёрдамчиси кичик сержант Д.Пейсенов чақиртирилган. М.Тўйчиев осонликча ён берадиганлардан эмасди. У мастлиги туфайли эҳтиёткорликни йўқотди. Жисмонан бақувват эмасми, ушлаш вақтида у ички ишлар ходимларига яхшигина қаршилик кўрсатди. Шунга қарамасдан, М.Тўйчиев қўлга олиниб, Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлимига олиб борилди.
Минг афсуски, ходимлар шу ўринда тузатилмас хатога йўл қўйишади. Улар хизмат фаолиятини белгиловчи амалдаги бўйруқ ва кўрсатмаларни бузиб, жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахс билан қонуний тартибда мулоқот ўрнатиш ўрнига хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишади: унга нисбатан жисмоний куч ишлатишади. Натижада 2008 йил 25 март куни соат 13.35ларда М.Тўйчевнинг соғлиғи ёмонлашади. Зудлик билан тез-тиббий ёрдам чақиртирилади. Тез-тиббий ёрдам келгунича бўлган муддатда у биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай вафот этган.
Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра М.Тўйчиев қорин тўмтоқ жароҳати, ингичка ичаклар брижейкалари йиртилиши, қорин бўшлиғига қон қўйилиши, ички аъзолари камқонлиги, юз, бўйин, кўкрак қафаси юқори қисми, қорин олд девори, думба соҳалари, икки қўл, тизза бўғимлари ўнг томон соҳасида қон талашиши ва бош юмшоқ тўқималари остига қон қўйилишидан вафот этган.
Ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан 2008 йил 25 мартда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси, 3-қисми, «д»-банди билан жиноят иши қўзғатилди. Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ушбу жиноят иши бўйича Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлими Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими Милиция таянч пункти профилактика инспектори катта лейтенант Ж.Ғаниев, Нуробод шаҳар милиция бўлинмаси Жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш гуруҳи тезкор вакили тезкор вакили катта лейтенант А.Ахмедов, Ангрен шаҳар милиция бўлинмаси Ташкилий-инспекторлик бўлими Навбатчилик қисмининг навбатчи-ёрдамчиси кичик сержант Д.Пейсенов, Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлими Жамоат тартибини сақлаш бўлими Вақтинчалик ушлаб туриш изолятори бошлиғининг тезкор ишлар бўйича ўринбосари катта лейтенант А.Исмаиловга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси, 3-қисми, «д»-банди, 206-моддаси, 1-қисми, 235-моддаси, 3-қисми билан айб эълон қилиниб, эҳтиёт чораси тариқасида улар қамоққа олинганлар.
Вазирлик раҳбарияти кўрсатмасига асосан ҳолат юзасидан Шахсий таркиб бўйича Махсус инспекция томонидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасига кўра, катта лейтенантлар Ж.Ғаниев, А.Ахмедов, А.Исмаилов ва кичик сержант Д.А.Пейсенов эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши ва уларнинг ички ишлар идоралари хизматида қолиш-қолмаслиги жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари якунига кўра ҳал этилади.
Шунингдек, йўл қўйган камчиликлари ва хизмат фаолиятини белгиловчи амалдаги бўйруқ ва кўрсатмаларни тўлиқ бажармаганликлари учун Ангрен шаҳар Ички ишлар бшлимининг ўнга яқин турли лавозимлардаги ходимлари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Ҳозирги кунда собиқ ходимлар, Ж.Ғаниев, А.Ахмедов, А.Исмаилов ва Д.Пейсеновга нисбатан суд жараёни давом этмоқда. Хизмат фаолиятини белгиловчи амалдаги бўйруқ ва кўрсатмаларни бажармасдан, инсон ҳуқуқларини поймол қилган бу шахслар қонун олдида жавоб берадилар ва жиноятларига яраша жазо оладилар. Зеро, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 18-модда).
Яна бир гап. Юқорида сарлавҳаси келтирилган материалда марҳум М.Тўйчиевнинг онаси Зулхумор Тўйчиева “Фергана.ру” мухбирига мана бундай дейди: Қотилликда бошқа милиционерларнинг ҳам иштироки бўлган, бироқ уларга ҳали айб қўйилмади. Улардан бири пенсияга чикиб кетиб бўлди, иккинчиси эса Музаффарнинг ўлимидан сўнг ҳаётига нуқта қўйишга уриниб, ўзини иккинчи қаватнинг деразасидан ташлади, умуртқаси синса-да, бироқ тирик қолди. Аммо энг юқоридаги раҳбарларнинг жавобгарликка тортилиши эҳтимолдан узоқ нарса, одатда “кичкина одамлар” судга топшириладилар. Қотиллар жазосиз қолишлари учун бизнинг оиламизга 150 миллион сўм (100 000 доллардан озгина кўпроқ) таклиф қилишди, фақат биз жим юрсак бўлгани. Аммо ўғлимдан икки бола ва ҳомиладор аёл қолган бўлса, қандай қилиб жим юришимиз мумкин?”
Дарҳақиқат, ҳеч ким фарзанд доғини кўрмасин. Бу – энг оғир дард. Айрилиқ азобини фақатгина вақтгина даволаши мумкин. Фарзандидан айрилган онаизорга Яратганнинг ўзи сабру тоқат, тўзим берсин. Аммо, холисона айтганда З.Тўйчиеванинг “Фергана.ру” мухбирига айтган гапларида ҳақиқатдан асар ҳам йўқ. Биринчидан, юқорида айтганимиздек, йўл қўйган камчиликлари ва хизмат фаолиятини белгиловчи амалдаги бўйруқ ва кўрсатмаларни тўлиқ бажармаганлиги учун Ангрен шаҳар Ички ишлар бшлимининг ўнга яқин турли лавозимлардаги, жумладан раҳбар ходимлари (шахсан туман ички ишлар бўлими бошлиғи) эгаллаб турган лавозимидан озод этилдилар.
Иккинчидан, қачонлардир Ангрен тумани ички ишлар бўлимида раҳбар лавозимида ишлаган, бироқ кўпдан буён ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасида масъул лавозимда ишлаган ходим пенсияга кетган. Лекин унинг нафақага кузатилишида М.Тўйчиев ўлимининг мутлақо дахли йўқ.
Учинчидан, онахон тилга олган, яъни, ўз ҳаётига зомин бўлишга уриниб, ўзини иккинчи қаватнинг деразасидан ташлаб, умуртқаси синган, шунга қарамай, тирик қолган ходим ҳақида икки оғиз сўз. Ҳа, афсуски, шу йил Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари, Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи подполковник Ш.Абдуллаев билан боғлиқ ана шундай бахтсиз ҳодиса рўй берган. Лекин бунинг ҳам М.Тўйчиев ўлимига алоқадор жойи йўқ. Нега, дейсизми, сабаби оддий: Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари, Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи подполковник Ш.Абдуллаев Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг 2004 йил 24 сентябрь кунидаги бўйруғига биноан ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган. Ички ишлар идораларидан ишдан четлаштирилган ходим ишга қайта тикланишига уриниб, шу йўл билан мақсадига етишни истаган. Бироқ, қонун устувор бўлган мамлакатда ҳар қандай йўл билан бўлсин, уни айланиб ўтишнинг иложи йўқ. Шундай экан, Ш.Абдуллаевнинг беҳуда уринишлари ҳам фақат ўзига, оиласига ортиқча ташвиш келтирган.
Тўртинчидан, З.Тўйчиевага жазодан қутулиб қолиш мақсадида ҳеч ким 150 миллион сўм пул таклиф қилмаган. Ҳатто, айбдорларнинг ўй-жойи, мол-мулкини қўшиб сотганда ҳам бунча пул чиқмаслиги ҳисоб-китобдан йироқ бўлган кишига ҳам кундай аён. Қолаверса, ҳар қанча мол - дунё ҳам жиноятчини жазодан озод қилолмаслиги ҳақиқатку. Наҳотки, бир инсон умрига зомин бўлганлар жонига пул оро кирса?! Қаерда кўргансиз, оғир жиноятнинг пул билан босди-босди қилинганини? Хўп, марҳумнинг оила аъзолари жим юрди ҳам дейлик, аммо уларнинг бу хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ҳам жиноятчиларни муқаррар жазодан қочиб қутулишига сабаб бўлолмайди.
Ҳа, инсон — коинотнинг гултожи. Унинг ҳаёти олий қадрият. Инсонни узвий ҳуқуқидан айириш, унинг ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Ана шундай жиноятни содир этган уч-тўрт нопок ходим тимсолида бутун тизимга тош отиш, терговгача етиб бормаган, зўравонлик қурбонига айланган шахснинг ўлимини тергов фаолияти билан боғлаш тўғримикан?! Қолаверса, оёғи ердан узилган, фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини назар-писанд қилмайдиган ички ишлар идоралари ходимларининг боши силанаётгани йўқ-ку. Улар содир этган жиноятларига муқаррар равишда жазо олаётгани ҳақиқат эмасми?..
Ўйламай гапирган – оғримай ўлар
Мақола муаллифининг иддаосича, у ким айбланишидан қатъи назар, - милиционер бўладими, ҳуқуқ ҳимоячисими ёки оддий фуқароми, - кўплаб моддалар билан айбланиши Ўзбекистон учун фавқулодда ҳолат эмас эмиш. Моддалар қанча кўп бўлса, ишончлилиги шунча ортар, одам ҳеч бўлмаса битта жиноятини тан олар эмиш. Бу - нима дегани? Киши бир нечта жиноят содир қилса, ёки бир жинояти давомида бир нечта жиноий хатти-ҳаракат содир этса, унга қўйилган айбларга нисбатан “моддаларни қалаштириш” дейиш мумкинми? Бу гапни фақат суд-ҳуқуқ мактабини кўрмаган, бунинг устига ҳуқуқий маданияти ғовлаган кишигина айтиши мумкин.
Адвокат Р.Комилов айни юқоридаги асоссиз гапга ҳамоҳанг тарзда шундай дейди: “Терговчилар моддалар “дозасини оширгани” учун ҳеч қачон жавобгарликка тортилмайдилар. Кўпинча киши битта модда ўрнига ўн-ўн бешта модда билан айбланади. Терговда кишиларга ё сотиб олиш ёки улардан бирортасини тан олиш таклиф этилади: эмишки, шунинг учун сендан қолган айбларни олиб ташлаймиз ва сени қўйиб юборамиз. Масалан, кишига 15 та модда “илинади”, у бўлса бирортасига ҳам иқрор бўлмайди. Шунда унга энг охиргиси – ўн бешинчи айбга судда рози бўлиш шарти билан 14 та моддани олиб ташлаш ваъда қилинади. Бошқа иложи қолмагани учун ҳам одам шу йўлни тутади...”
Бу гапларни ўзини инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси сифатида ҳурмат қиладиган адвокатнинг айтганига ишонгинг келмайди. Арзон обрў орттириш, ўзининг ноёб ҳимоячи сифатида тақдим қилишга интилиш ҳосиласи ўлароқ ўйлаб топилган бундай чўпчакларга ишониб бўлмайди. Бир жиноий иш бир неча ижтимоий хавфни туғдириши бор гап. Судда, инсонпарварлик нуқтаи назаридан енгиллаштирувчи ҳолатларнинг қўлланилишини моддаларни сотиб олиш ёки улардан бирини тан олдириш, деб тушиниш, соддагина қилиб айтганда, саводсизликдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, одам “бошқа иложи қолмагани учун” эмас, айби бўлгани учун ҳам жазоланади.
Материалда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари моҳиятини бузиб кўрсатиш, гуманизм ғоялари асосида амалга оширилаётган янгиланишларни назар-писанд қилмаслик, кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олиш кайфияти шундоққина сезилиб қолган. Айтайлик, унда амнистия бўйича озод қилиш ёки ишни ҳали тергов давридаёқ тугатиш ўзбек суди учун истиснодир дейилади. Адвокат Р.Комилов уялмай-нетмай: “Қарийб барча суд қарорларида кишилар қамоқ жазосига ҳукм қилинадилар. Кишилар ўз айбларини қийноқлар остида тан оладилар, афсуски, қийнаш тажрибаси бизнинг давлатимиз учун одатий ҳолдир...” деб бонг уради. Савол туғилади: Хўш, Р.Комиловнинг бўҳтон гаплари нақадар асосли? Суд ҳукми билан айбдор, жиноятчи деб топилган кимсага нега энди қамоқ жазоси берилмаслиги керак? У ўзини республикамизда олиб борилган ва олиб борилаётган барча тергов ҳаракатларининг устида тургандек, бамисоли ҳар нарсада ҳозиру нозир авлиёдек тутмаяптими? Жаноб адвокат “қийноқ”ларнинг нечтасида иштирок этган экан? Мисол борми? Асос-чи?..
У яна таъкидлайдики, “Мен ҳимоямда бўлганларга қийноқ қўлланилганлиги масаласи хусусидаги саволни ҳар судда қўяман, аммо судьялар ҳеч қачон менинг баёнотимга эътибор қилишмайди”. Нега ҳар гал? Демак, Р.Комилов ҳимоясидагиларнинг барчасида бўлмағур қийноқлар қўлланилар эканда? Ёки бу мижозлардан олган насибани ҳалоллашга уринишми? Бу гапда мантиқ борми ўзи? Нега у ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатмоқчи? Наҳотки, мамлакатимиздаги барча судьялар келишиб олгандек Р.Комиловнинг баёнотларига эътибор қилишмайди? Балки, эътиборга арзимаслиги, яъни, асоссизлиги учун ҳам эътибор кўрсатишмас?!
Адвокатнинг зўр бериб мамлакатимиздаги тергов ва суд фаолиятига тош отишдан мақсади инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ниқобида тегишли хориж ташкилотларининг грантларини “оқлаш” билан машғул шоввозларга ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатишдан иборат эмасми ишқилиб? Буни унинг сиёсий маҳбуслар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар билан боғлаган ибораси ҳам тасдиқлайдигандек. Яъни, унинг фикрича, ана шу тоифага мансуб ишларининг 90 фоизи қийноқлар остида тан олдирилган экан. Умуман, фоизлардан фойдаланиб фикрини “исбот” қиладиган адвокатга савол: бундай маълумотлар нечоғли ҳақиқатга яқин? Унда қолган 10 фоизи-чи? Нега айнан сиёсатчилар ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар ишларида? Бошқаларида-чи? Ўзини инсон ҳуқуқларининг толмас ҳимоячиси сифатида кўз-кўз қилишга тиришаётган адвокатнинг таваккалчилигига қойил қолмай иложинг йўқ. Осмондан олинган бундай фоизларни асослашга унинг қурби етармикан. Аммо халқ мақолига қулоқ тутмоқ ҳам фойдадан ҳоли бўлмас: ўйламай гапирган – оғримай ўлар.
Асоссиз даъвога асосли жавоб
Сайт мухбири адвокат фикрларини тасдиғи сифатида тўқиб-бичилган турли фаразларини ўртага ташлайдики, бундай бўҳтон гапларни ўқигач, беихтиёр пешананг тиришади. Нима эмиш, одамлар дубинкалар, темир таёқлар билан калтакланар, целофан халталар ёки противогазлар ёрдамида нафаси қисиларкан. Агар бу қийноқлар билан кишини “синдира” олмаса, терговчилар уни оиласига таҳдид солишаркан. “Масалан, эркакка “ҳозир биз сенинг хотинингни олиб келамиз ва уни беш киши ўтирадиган умумий камерага қўямиз” дейишлари мумкин. Бундай гапни эшитган эркак ҳар қандай нарсани имзолайди”. Ўйлаб кўринг, инсонийликдан йироқ бундай хатти-ҳаракатни ким қилиши мумкин? Демократик-ҳуқуқий жамият қуриш йўлидан дадил одимлаётган мамлакатимизда бундай ҳодиса бўлиши мумкинми? Асло йўқ!
Материалда С.Нишоновнинг қийноққа солингани мисол келтирилиб, унинг номидан адвокат Р.Комиловга таҳсин ўқилади. Бу ҳам рекламанинг бир усули. Ҳеч ким қилолмаган ишни фалончи қилди дейилса, обрў ошади, мижоз кўпаяди. Фуқаро С.Нишонов эса ўзига нисбатан тазйиқ ўтказганларга чора кўришни сўраб турли инстанцияларга мурожаат қилганию уларнинг эътиборсиз қолдирилганидан нолийди.
Фуқаро С.Нишонов билан боғлиқ воқеа қуйидагича бўлганди. 2007 йил 12 февраль куни Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ тумани Кавардан қишлоғида яшовчи фуқаро Отабек Рахматуллаев номаълум шахс томонидан ўлдириб кетилган. Ушбу қотиллик жинояти бўйича Юқори Чирчиқ тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, сўнг тергов ҳаракатлари Тошкент вилояти прокуратураси ва 2007 йил апрелидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилган.
Тошкент шаҳар прокурорининг фармойишига асосан ушбу қотиллик жиноятини тергов қилиш юзасидан тергов гуруҳи тузилиб, унга терговчи А.Қодиров бошчилик қилган. Гуруҳга Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бошқармаси 1-бўлим тезкор вакиллари, майор Ш.Саидов ва капитан Ф.Ғиёсов аъзо қилиб олинган.
Тергов жараёнида жиноятни содир этилиши юзасидан бир неча тусмоллар илгари сурилган. Улардан бири марҳум ўзининг яқин танишлари томонидан ўлдирилган, деган фараз бўлган. Ана шу фараз асосида О.Рахматуллаевни охирги маротаба кўрган яқин таниши ва қариндоши Юқори Чирчиқ тумани Кавардан қишлоғида яшовчи фуқаро С.Нишоновнинг ушбу жиноятга алоқадорлиги текширилган.
2008 йилнинг апрель ойида Ҳамза тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида, фуқаро С.Нишонов тўхтатилганида унинг ёнида шахсини тасдиқловчи бирон-бир ҳужжати бўлмаган. Шу боис у Ҳамза тумани прокурорининг санкциясига асосан шахси аниқлангунига қадар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига қарашли қабул қилиш ва реабилитация муассасига жойлаштирилган. Қотилликка алоқадорлигини аниқлаш мақсадида у Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси вақтинчалик ушлаш ҳибсхонасига олиб келиниб, тергов-тезкор ҳаракатлари ўтказилган. Жиноятга алоқадорлиги ўз тасдиғини топмаганч, у қўйиб юборилган. Бу ҳолатнинг ўзиёқ сайтдаги материалда келтирилган важларни инкор этади. Яъни, жиноятга дахлдор бўлмаган шахсни ҳеч ким ноқонуний ушлаб турмайди, унинг бўйнига ҳеч қачон сохта асослар билан айб “илиб” қўйилмайди.
Дарҳақиқат, К.Зияева ўғлининг қамоқда ноқонуний ушлаб турилгани, унга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани ва соғлиғига зарар етказилгани тўғрисида бир неча бор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили, прокуратура идоралари, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилган. Албатта, ҳар қандай она ўз боласи тақдирини ўйлаб кутилмаган ҳолатларда ҳаяжонга берилиши, жон-жаҳди билан фарзандини ҳимоя қилиши (ҳатто у ашаддий жиноятчи бўлса ҳам) табиий ҳол. Буни тўғри тушуниш керак.
Ҳолбуки, С.Нишонов қонуний ушлаб турилган. Ўз навбатида К.Зияеванинг аризалардаги важлар Тошкент шаҳар Прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи адлия катта маслаҳатчиси М.Эгамбердиев томонидан чуқур текшириб кўрилган. Натижада ариза муаллифига С.Нишонов Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан қонуний ушлангани, унга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилмагани тўғрисида 2007 йил 5 ва 21 июнь кунлари асослантирилган жавоб хатлари юборган.
Эзгуликни ёвузлик билан адаштирманг
Мақоланинг навбатдаги қисмларидан бирида Р.Комилов ҳимоясида бўлган “Хизб-ут Таҳрир” ноқонуний диний оқими аъзоси К.Усмонов хусусида сўз боради. Унинг қаттиқ қийноқларга дучор қилингани отаси У.Усмонов тилидан баён этилади. Ота ўғлини ҳеч қандай ёмон ишга қўл урмаганини, фақат мачитда тинчгина ибодат билан машғул бўлганини таъкидлайди, мутлақо айбсиз ўғлининг иккинчи марота судланганини надомат билан гапиради.
Ҳақиқатдан ҳам шундайми? К.Усмонов мутлақо айбсиз эдими? Агар у ҳақиқатда ҳам мусичаю беозор, қўй оғзидан чўп олмаган мўмин-қобил бир киши бўлса, унда унинг ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилиниши кимга ва нима учун керак бўлган? Келинг, шу саволларга жавоб излайлик.
Фуқаро К.Усмонов 1973 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Муқаддам 2001 йил 3 февраль куни Тошкент тумани суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси, 3-қисми, 244*-моддаси, 3-қисми ва 244**-моддаси, 1-қисми билан судланиб, 7 йил озодликдан маҳрум этилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 3 декабрдаги амнистия тўғрисидаги Фармонига асосан 2003 йил 13 апрель куни озод қилинган. Бироқ, у бағрикенгликнинг юксак намунаси бўлган амнистиядан ўзига берилган улкан имкониятдан тегишли хулоса чиқариб олмади.
К.Усмонов ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган демократик ўзгаришларни инсонлар томонидан ўйлаб топилган куфр қонунлар, деб билган ва уларни ўзгартириш учун Ислом халифалик давлатига қўшилиш итиёқини уйғотиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Собир Раҳимов, Шайхонтоҳур ва Тошкент вилоятининг Тошкент туманлари ҳудудларида кенг тарғибот ва даъват ишлари олиб борган.
К.Усмоновнинг ушбу жиноий ҳаракатлари фош этилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси, 3-қисми, 244*-моддаси, 3-қисми ва 244**-моддаси, 1-қисми билан айб эълон қилинган. 2006 йилнинг 14 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан К.Усмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси, 3-қисми, 244*-моддаси, 3-қисми ва 244**-моддаси, 1-қисми билан айбдор деб топилган ва 10 йил озодликдан маҳрум этилган.
Суд тергови давомида айбланувчи К.Усмонов ва унинг адвакати Р.Комилов томонидан К.Усмоновга нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан жисмоний ва маънавий тазйиқ ўтказилгани тўғрисида арз қилинган. Аммо суд мажлиси давомида ушбу важлар ўз тасдиғини топмаган. Яъни, тезкор вакил А.Мохиров чақирилиб сўроқ қилинганида у дастлабки суриштирув ишларини олиб борганини, судланувчи ҳимоячиси иштирокида содир этган ишларини кўрсатиб ўтганини баён қилган.
Суд мажлисида мазкур кўрсатмалар судланувчи К.Усмонов томонидан тўлиқ тасдиқланган ва у ўзига нисбатан тезкор ходим томонидан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмагани маълум қилган. Бу ҳолат суд ҳужжатларида ҳам қайд қилинган. Зеро, суднинг муқаррар қонуний ҳукми олдида жазодан қочиб қутулиш ва атрофдагилар фикрини чалғитиш ниятида ўйлаб топилган қийноқлар ҳақидаги лоф гапларга ишонч йўқ. Одил суд ҳамиша далилларга суянади, аламзадалик оқибатида ўйлаб топилган, таги пуч уйдирмаларга эмас.
Юртимизда эътиқод эркинлиги тўла таъминланган. Шукурки, бугунги кунда масжидларимиз обод, мўмин-мусулмонлар диний ибодатларини эмин-эркин адо этишмоқда. Бироқ, мавжуд конституцион тузумни ағдаришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатни, жумладан, чиройли даъватлар кўринишидаги фисқу фасодларни ҳам ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Динни ниқоб қилиб олиб, ёвуз мақсадларни кўзлаган ҳар қандай сохта художўйнинг қонун олдида жавоб бериши янгилик эмас. Зеро, эзгуликлар заминидаги дин инсонларни бир-бирига қарши қўйишга, уларни бир-биридан ажратишга эмас, балки, кишиларни эзгулик йўлида жипслаштиришга, уларнинг ораларини ислоҳ қилишга, бир сўз билан айтганда, ЯХШИЛИКка хизмат қилади. Шундай экан, эзгулик ёвузлик билан адаштирилмагани маъқул.
Алдагани бола яхши...ми?
Адвокат Р.Комилов материал давомида янгидан янги уйдирмаларни ўйлаб топади. У гўёки, терговда қийноқлар нафақат катталарга, балки вояга етмаган болаларга ҳам қўлланилаётганини “ошкор” қилади. Бунга мисол тариқасида шу йилнинг 11 сентябрь куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Жиноят ишлари бўйича суди залидан амнистия бўйича (ҳолбуки, амнистия бўйича озод қилиш ёки ишни ҳали тергов давридаёқ тугатиш ўзбек суди учун истисно экани материалнинг юқорироқ қисмида қайд этилган эди) озод қилинган 14 ёшли Ш.Ҳаитметовни келтиради.
Адвокат ўзининг ҳимоясидаги болага егуликлар сотиб олиб келганию уларни соқчи киритмагани айтади. Гап орасида у 14 ёшли етим болани текин ҳимоя қилганини қистириб кетаркан, ана шу болакай унга ўзига нисбатан жисмоний босим ўтказишаётганини айтганини даъво қилади. Шунингдек, материалда Ш.Хайитметов томонидан адвокатнинг фикрларини дастакловчи бир қатор важлар келтирилган. Гўёки уни милиционерлар ва терговчи ёрдамчилари дубинка билан баданига ва оёқларига ҳар куни қаттиқ уришган, айбини тан олишга мажбурлашган эмиш.
Расмий маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида 1994 йил туғилган Ш.Ҳаитметов 2008 йил март, апрель, август ойларида вояга етмаган А.Янушкин билан жиноий тил бириктириб, 5 маротаба ўзганинг мулкини талон-тарож қилиш ва ўғрилик жиноятларини содир этган. Жиноятлар Тошкент шаҳрининг бир неча туманларида содир этилгани сабабли дастлабки тергов ҳаракатларини Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тергов бошқармаси олиб борган. Ш.Ҳаитметовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми, 169-моддаси 2-қисми ва 166-моддаси 3-қисми билан айб эълон қилинган.
2008 йил 11 сентябрь куни Мирзо Улуғбек тумани Жиноят ишлари бўйича суди томонидан ажрим чиқарилиб, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 17 йиллиги муносабати билан эълон қилинган Олий Мажлис Сенати амнистия тўғрисидаги Қарорининг 6-моддасига асосан унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳаракатдан тугатилган, Ш.Ҳаитметов озодликка чиқарилган.
Тегишли ходимларнинг Ш.Ҳаитметов билан бўлган суҳбати чоғида шу нарса маълум бўлдики, суд вақтида унга адвокати Р.Комилов жиноятни содир этмаганини, жисмоний куч ишлатиб, бунга мажбур қилишгани ҳақида кўрсатма беришини айтган. Бундан ташқари, у адвокати Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бошқармасида ишловчи “дядя Коля” исмли ходим уни уриб, бошқа жиноятларни содир этгани тўғрисида кўрсатма беришини талаб қилгани ҳақида ҳам гапириб берди.
Текширув вақтида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бошқармаси 2-бўлимида катта тезкор вакил лавозимида ишловчи майор Меркурьев Николай Николаевич борлиги аниқланди. Меҳнат таътилида бўлган бу киши Россия Федерациясидаги қариндошлариникига кетгани сабабли у билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмади. Аммо бўлим бошлиғи подполковник Н.Алимовнинг фикрича, вояга етмаган болалар билан суҳбатлар уларнинг адвокати ёки бирор бир мураббий иштирокида ўтказилади. Унинг маълум қилишича, майор Н.Меркурьев томонидан бирор маротаба ҳам айбланувчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатилмаган. У Ш.Ҳаитметов томонидан сайтга берилган кўрсатмалар туҳмат эканини билдирган.
Юқоридагилардан маълум бўладики, адвокат Р.Комилов материал давомида асоссиз баёнотлари оҳангини кучайтиришга, сохта “исбот”лари билан ўқувчилар тасаввурида ўзи ҳақида моҳир ҳуқуқ ҳимоячиси, деган фикр уйғотишга ҳаракат қилади. Мамлакатимизда бола ҳуқуқлари, ёшлар манфаатлари ҳимоясига давлат даражасида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётган бир пайтда вояга етмаганларга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилаётгани ҳақидаги бундай сохта баёнотларга навбатдаги уйдирма сифатида қараш мумкин, холос.
Иллат излаганга иллатдир дунё
Шундай кимсалар бўладики, улар ҳақида гап кетганда «умрбод норози киши” ибораси қўлланилади. Уларнинг товуғи тухум қўймай қолса ёки сигири сут бермаса ҳам кимлардир айбдор бўлаверади. Қизиғи, ҳатто яхши нарсалардан ҳам ёмонлик ахтаришга тушиб қолади бундай кимсалар. Буюк мутафаккирлардан бири айтиб кетганидек, «Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё, Иллат излаганга иллатдир дунё». Ким нимани изласа, уни албатта топади.
Р.Комилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг бир нечта моддалари билан айбдор деб топилиб, етти йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ҳуқуқ ҳимоячиси ва адвокат С.Зайнобидиновга нисбатан қийноқлар қўлланилмаганини ўз тажрибасидаги тасодифий бир ҳолат деб баҳолайди. “Уни етти йилга озодликдан маҳрум қилишди, бироқ икки йилдан кейин дабдурустдан озод қилишди” дея ёзғиради адвокат. Бу ҳолатдан ажаблангандек тутади у ўзини. Демак, у кишининг фикрича етти йилга “кесилган” киши муддатини тўла ўташи шарт, шундайми? Наҳотки бир маҳбуснинг муддатидан илгари озод этилиб, оиласи ва жамият бағрига қайтиши қувончли ҳодиса бўлмаса?! Ахир бу яхшиликдан далолат эмасми?!
Р.Комилов ўзига баланд баҳо беришда давом этади. Гўёки С.Зайнобиддиновнинг иши билан шуғулланганидан кейин уни таъқиб қилишган, унга таҳдид солишган эмиш. Унинг ортидан очиқчасига кузатиб юришганмиш: кишилар уйи йўлаги яқинида бир қанча машиналарда доимий равишда навбатчилик қилишар, унинг изидан, ҳатто, Самарқандгача бориб келишганмиш. Аммо 2007 йил сентябридан, номаълум сабабларга кўра, кузатув тўхтатилибди, шу йилнинг мартида эса адвокат уч йилдан буён ололмай келаётган хорижга чиқиш визасини олибди. Адвокат гап тополмаганидан ўзига қандай қилиб виза беришганига ҳайронлигини яширолмаган кўринади. У кишига ишини қонуний ҳал қилиб бергани учун ҳам яна ички ишлар идоралари айбдордек гўё...
Тавба, узлуксиз икки йил давомида бир одам билан изма-из юриш кимга зарил келибди? Яна машиналарда, навбати билан, кўп-кўмаклашиб-а? Самарқандга орқасидан бориб келиш-чи? Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг Р.Комиловдан бошқа иши, ташвиши йўқми? Бундай гаплари билан у ўзини ўта муҳим инсон, тенги йўқ, нодир ҳуқуқ ҳимоячиси, деб ҳисобламаяптимикан?
Р.Комилов ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатишда давом этади. У Ю.Жумаев иши бўйича ҳимоячи сифатида фаолият олиб борганида айбланувчига нисбатан қийноқлар қўлланилганини, Ю.Жумаевнинг ўғли М.Жумаев билан гаплашганида у ҳам ўзини қийнашаётгани ҳақида айтганини ёзади. Булардан ташқари, тергов изоляторида гўёки Р.Комиловга таҳдид қилинади, унинг шахсий ҳужжатлари, бошқа ишларининг исботи учун хизмат қиладиган далиллар ва кундалик дафари олиб қўйилади. Нарсаларини қайтариб олиш юзасидан қилган кейинги ҳаракатлари натижасиз қолибди.
Дарвоқе, сўнгги бир йил давомида айрим веб-саҳифаларда Юсуф Жумаев, унинг оила азолари тазйиққа учраётгани ва уларга нотўғри айблар қўйилгани тўғрисида кўплаб уйдирма маълумотлар тарқатиш урфга айланди. Ҳатто, унинг суратлари арзон обрў илинжида ахборот тарқатаётган айрим сайтларнинг пештоқига чиқарилмоқда. Шундай бўлганидан кейин Р.Комилов ҳам бугунги куннинг гўёки “кескин” мавзуларидан бири ҳақида фикр билдириб, жараённинг ичида эканига шаъма қилади.
Хўш, ота-бола Жумаевлар нега қамалишган? Бунга уларнинг бирор бир ноқонуний хатти-ҳаракатлари сабаб бўлганми ёки уларни ҳеч қандай асоссиз қамаб қўйишганми? Шу хусусида икки оғиз сўз.
Дастлаб Юсуф Жумаевнинг ўғли ҳақида. Муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси, 2-қисми билан судланган Қоракўл тумани Оқ олтин КФЙ Хирс қишлоғида яшовчи, 1985 йилда туғилган Машраб Юсуфжон ўғли 2007 йил 4 декабрда фуқаро Фарҳод Бобоев билан ўзаро жанжаллашади. Натижада у Ф.Бобоевнинг бел соҳасини пичоқ билан жароҳатлайди. Ф.Бобоевнинг ҳаёти хатарга қолади: у оғир шикастланади. Ушбу ҳолат юзасидан 2007 йил 5 декабрь куни Қоракўл тумани Ички ишлар бўлими Тергов бўлинмаси томонидан Машраб Юсуфжон ўғлига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Эҳтиёт чораси сифатида у қамоққа олинади.
Фуқаро Ю.Жумаев (тахаллауси Юсуф Жума) Қоракўл шаҳар Улуғбек кўчасида ҳокимият ижроия идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан аввалдан келишмай 2007 йил 10 декабрда оила аъзолари билан ноқонуний кўча юриши қилади. У мазкур ноқонуний ҳаракатнинг олдини олиш мақсадида воқеа жойига келган Қоракўл тумани ИИБ профилактика инспектори, катта лейтенант Т.Итоков ва туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, майор А.Назаровни хақоратлайди. Бу ҳам етмаганидек, уларни ўзининг бошқарувидаги «Нексия» автомашинаси билан уриб юборади. Ходимларга тан жароҳати етганини била туриб айбдор ҳодиса жойидан яширинади. Олиб борилган тезкор суриштирув жараёнида автомашинада Ю.Жумаевнинг ўғли, 1983 йилда туғилган Бобур Жумаев ҳам бўлгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2007 йил 10 декабрда Қоракўл тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айбдорлар тегишли равишда қонуний жазосини олган.
Р.Комиловнинг Жумаевлар ишини эслашидан кўзлаган мақсади эса омма фикрини ўзига жалб қилишдан бошқа нарса эмас. Тергов изолятори ходимлари билан Р.Комилов ўртасида гўё бўлган ҳолат ҳам ўз тасдиғини топмади. Изоляторда ходимлар томонидан унга нисбатан ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракат содир этилмагани аниқланди. Шахсий ҳужжатлари олиб қўйилгани борасидаги гап-сўзлар ҳам уйдирмадан бошқа нарса эмас.
Ходимлар фаолияти доимо назоратда
Юқорида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Шахсий таркиб бўйича Махсус инспекцияси фаолиятига тўхталишни ваъда қилган эдик. Шоли курмаксиз бўлмайди. Афсуски, ички ишлар идоралари ходимлари орасида шарафли номга доғ тушираётган, оёғи ердан узилган, шахсий манфаатини кўзлаб амалдаги қонунларни бузаётган ходимлар учраб туради. Уларни аниқлаш ва фаолиятига қонуний баҳо бериш учун ҳам вазирликда Шахсий таркиб бўйича Махсус инспекция ташкил этилган. Мазкур инспекция томонидан ички ишлар идоралари ходимлари томонидан хизмат интизоми ва қонунчиликнинг бузилиши, турли кўринишдаги жиноий хатти-ҳаракатларга чек қўйиш, тарбиявий ишларни янада кучайтириш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Ойлик ва чорак даври якуни бўйича жойлардан ички ишлар идоралари ходимлари томонидан содир этилган фавқулодда ва йўл-транспорт ҳодисалари, хизмат интизоми ва қонунчиликнинг бузилиши ҳолатлари бўйича маълумотлар олиниб, Вазирлик раҳбариятига ахборот бериб борилмоқда.
Республика ички ишлар идоралари ходимлари томонидан қонунбузарликларни олдини олиш мақсадида, Вазирликнинг Шахсий таркиб бўйича Махсус инспекция ва унинг жойлардаги тизимлари томонидан ички ишлар идоралари ходимларига нисбатан доимий равишда тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, ДЙҲХ ва бошқа хизмат ходимлари томонидан ҳаракат иштирокчиларига нисбатан тамагирлик, порахўрлик қилган, қўполликка йўл қўйган ходимларни аниқлаш мақсадида бир қатор текширувлар ўтказилди. Тадбирлар чоғида 218 нафар ходимнинг қўпол камчиликларга йўл қўйгани аниқланди. Ўтказилган хизмат текширувлари хулосаларига кўра, 249 нафар ходим интизомий жазога тортилди. Шундан 21 нафари ички ишлар идораларидан бўшатилди. 8 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 19 нафари бошқа хизматга ўтказилди. 17 нафари лавозимига тўлиқсиз лойиқлиги тўғрисида огоҳлантирилди ва 112 нафарига “Ҳайфсан” интизомий жазоси эълон қилинди.
Бундан ташқари, жорий йил мобайнида ички ишлар идоралари шахсий таркиби орасида хизмат интизоми ва қонунчиликни бузишга мойил ходимларни фош қилиш ва уларга нисбатан қатъий чоралар кўриш борасидаги тезкор ва профилактик ишлар амалга оширилди. Натижада жами 1622 нафар ана шундай ходим аниқланиб, уларнинг 892 нафарига турли интизомий жазо чоралари қўлланилди. Жумладан, 185 нафар ходим ички ишлар идоралари хизматидан бўшатилди, 94 нафари эса лавозимидан озод қилинди, 613 нафар ходимга нисбатан бошқа интизомий чоралар кўрилди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ички ишлар вазирлиги Шахсий таркиб бўйича Махсус инспекцияси хизмат интизоми ва қонунчиликни бузишга мойил, бир сўз билан айтганда, ҳаддидан ошган ходимларни фош қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратура идоралари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Юқоридагилардан аён бўляптики, вазирлик раҳбарияти хизмат интизоми ва қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйган ходимларнинг бошини силаётгани йўқ, аксинча, нопок ходимларга нисбатан муросасизлик ва қаттиққўллик билан тегишли чоралар кўрмоқда. Керак бўлса, ички ишлар идораларига тасодифан тушиб қолган ана шундай ходимларнинг қилмишларини фош этувчи ҳужжатли фильмлар тайёрланиб, хулоса ва сабоқ чиқариши учун шахсий таркибга намойиш қилинмоқда. Зеро, уч-тўртта тамагир, қонунбузар, порахўр, хизмат вазифасини суиистеъмол қиладиган ходим минглаб фидойи, кунни тунга, тунни тонгга улаб ҳалол меҳнат қилаётган, эл тинчлиги йўлида оромидан кечаётган захматкаш инсонларнинг обрўйига путур етказмасин. Шундай экан, ички ишлар идоралари сафлари бундан кейин ҳам ана шундай олчоқ, манфаатпараст ва қонунчиликни бузадиганлардан, - у хоҳ оддий ходим, хоҳ раҳбар шахс бўлишидан қатъи назар, - тозаланаверади. Ходимлар фаолияти, уларнинг босган ҳар бир қадами доимо назоратда.
“Доҳиёна” фикрлар, чалкаш хулосалар
Яна “Ferghana.ru”даги материалга қайтамиз. Р.Комилов ўзининг энг “сара” фикрларини материалнинг якунига атаб қўйган кўринади. У қийноқлар ҳақидаги гаплари соясида ўзининг асл ниятини ошкор қилади: “Ҳозирча қонунларга ва инсон ҳуқуқларига амал қилишни талаб қиладиган сиёсий плюрализм, мухолифат йўқ экан, Ўзбекистондаги қийноқлар билан боғлиқ вазиятни ўзгартириб бўлмайди. Ҳозирча мухолифат фақат йўқотилмоқда, Солижон Абдураҳмоновга ҳукм ўқилиши, Аъзам Турғуновнинг қийноққа солиниши бунинг ёрқин мисолидир. Ҳозир, барча суд тизими бир кишининг иродасига боғлиқ бўлган бир пайтда тергов даврида инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини талаб қилиш беъманиликдир”.
Нақадар баланпарвоз гаплар! Бамисоли жафокаш, куюнчак сиёсий арбобнинг оташин баёнотига ўхшайди. Ҳарҳолда, бизга шундай туюлди. Ҳолбуки, ҳар қандай ўзини ҳурмат қиладиган, малакали ҳуқуқшунос ўзининг ҳар бир сўзи, иборасини мантиқ чиғириғидан ўтказиши шарт. Бироқ бу ўринда яна ўша бемаъни гап, сафсата давом эттирилади: фалончига ҳукм ўқилди, фалончи қийноқлар дастидан... айбини бўйнига олди.
Адвокат нималарни даъво қилмоқда?! Сиёсий плюрализм деганда у нимани тушунади? Умуман, у тилга олган қийноқлар мавзусининг сиёсий плюрализмга нима дахли бор? Бўлар-бўлмас ҳар бир гапни сиёсатга боғлашдан мурод нима? Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган, ҳаракат йўналиши ва мақсад-вазифалари турлича бўлган сиёсий партиялар, турли жамоат ташкилотлари фаолиятига шак-шубҳами бу? Ёки у сиёсий мухолифат деганда турли ташқи марказлар томонидан молияланадиган ва бунинг оқибатида уларнинг қўлидаги қўғирчоққа айланган айрим сафсатабозларни назарда тутмоқдами? Умуман олганда, кимнинг нима сабабдан айбланиши, қайси асосларга кўра ҳукм эълон қилиши суднинг иши эмасми? Яна бир гап. Қонун барчага баробар экан, нега энди Р.Комилов тилга олган “қонунларга ва инсон ҳуқуқларига амал қилишни талаб қиладиган”ларга ҳам бирдек тааллуқли бўлиши керак эмас?! Қонунни менсимагани учун қонун ҳимоячиси жавобгарликка тортилган бир пайтда нега энди қонунбузар “инсон ҳуқуқларига амал қилишни талаб қиладиган”лар жавобгарликка тортилмаслиги керак?! Ҳар кимни, ҳар нарсани ўз номи билан атайлик. Қонунбузар шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонунбузардир, тамом вассалом!
Р.Комилов сўнггида “доҳиёна” фикрларини ривожлантиради ва янада кескинроқ баёнот беради: “...барча суд тизими бир кишининг иродасига боғлиқ”. Бу чучмал гап энди ҳаммасидан ҳам ошиб тушгандек. У бу кинояси билан кимга ва нимага шаъма қилаяпти? Шу ўринда адвокат чалкаш хулоса чиқармадими? Наҳотки, халқаро ҳамжамиятда эътироф этилаётган, мана-ман деган давлатларнинг айримларида ҳали ҳам юрак ютиб қўллашга журъат қилинмаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлар, ислоҳотлар унга ёқмаётган бўлса? Аслида ҳаётбахш ўзгаришларнинг кимларгадир ёқиши шарт эмас. Ислоҳотлардан кўзланган мақсад кимларгадир яхши кўриниш эмас. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар қандай ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлар замирида аввало шахс, жамият ва давлат манфаатлари ётади. Юртбошимиз айтганидек, ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот инсон учун...
Бир сўз билан айтганда, юртимизда эришилаётган ютуқларни менсимаслик, уларни аёвсиз инкор қилиш билан орттирилган обрўнинг умри қисқа. Айрим шоввозларнинг бирёқлама нуқтаи назарлари, нохолис ташвиқотлари республикамизда барча соҳаларда, жумладан суд-ҳуқуқ соҳасида, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, юрт тинчлиги ва аҳоли осойишталигини таъминлаш борасида қўлга киритилаётган улкан ютуқларга соя ташлай олмайди. Кимдир эзгуликни кўра олмаётган ёхуд кўришни истамаётган бўлса, бошқаларда нима айб?! Фақат ўзларининг нохолис, бирёқлама фикрлари билан кимларнингдир тегирмонига сув қўяётган, арзон обрў ортидан қувиб юрган валломатларга тилагимиз шу: адолат йўлида одил бўлайлик!
Миркомил Исломов



