Газеталар

ВАТАНГА СОДИҚ БЎЛ, АСКАР!

– Ойижон, ҳув ана акам, сафда турибди.
– Ойигинанг ўргилсин, болагинамга аскарлик кийими бирам ярашибди. Кўз тегмасин, илоҳим...

Республика ИИВ Тошкент олий ҳарбий-техника билим юртида армия хизматига чақирилган йигитларнинг қасамёд қабул қилиш маросимига йиғилган ота-оналар, аскарларнинг яқинларида ана шундай ҳаяжон зоҳир эди. Кимдир гулдаста кўтарган, яна кимдир қўлини имларди.
Ниҳоят ҳаяжонли дақиқалар бошланди. Подполковник Абдувоҳид Икромов билим юрти бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Ёқуб Сайдуллаевга курсантлар ва аскарлар сафланганлиги тўғрисида ахборот берди. Сўнг тантананинг асосий қисми бошланди.
Подполковник Ёқуб Сайдуллаев ёш аскарларнинг она-Ватан тинчлиги ва осойишталигини сақлашга, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишга, қасамёдга содиқ қолишларини тилади. Шундан сўнг аскарлар бирин-кетин Ватанига, халқига, Президентга содиқ бўлишга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини муқаддас билиб, уларга қатъий риоя этишга ваъда берди.
Маросимда сўзга чиққан билим юрти фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Икромжон Бўронов ҳарбий хизматга шай йигитларни қутлар экан, эл-юрт корига ярайдиган мард, жасур бўлишга даъват этди. Ота-оналар номидан самар¬қандлик Тоиба Тўраева сўз олиб, аскарлар хизматни аъло даражада ўтаб, юзи ёруғ бўлиб қайтишини тилади. Ўш аскар Ёдгор Муҳаммадмуродов шундай деди:
– Биз ёш аскарлар қасамёд¬да битилган муқаддас сўзларни тилга олиб, мустақил юрт тинчлиги ва осо¬йишталиги учун виждонан хизмат қиламиз.
– Ўн нафар фарзандим бор, – дейди биз билан суҳбатда шаҳрисабзлик отахон Ўамро Қодиров. – Олти қизу тўрт ўғилни вояга етказиб, роҳатини кўриб юрибмиз. Бугун кенжатойим Азмиддин йигитлик онтини ичди. Юртига хизмат қилишга чоғланганидан ғоятда мамнунман.
– Ўғлим Фаррух Бекбоевни аскарлик либосида кўриб қувониб кетдим, – дейди Навоий вилояти Хатирчи туманидан Раъно Умрзоқова кўзига ёш олиб. – Фарзандим катта бўлиб қолганини энди пайқабман. Илоҳим акаси Аслиддин Бекбоевни йўлини бериб, ички ишлар ходими бўлсин. Қасамёдига содиқ қолиб, хал¬қига, Президентига муносиб фарзанд бўлишини хоҳлайман.
Барчанинг чеҳрасида табассум, қалбида қувонч, фахр. Чунки аскар хизматда бўлса, халқимиз хотиржам, тинч, осойишта яшаб, меҳнат қилади.
Шу куни ёш аскарлар ҳамда уларнинг яқинлари учун таниқли эстрада хонандалари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.

Азизжон ФАЙЗИЕВ,