Президентимизнинг республикамизда биометрик маълумотларга эга бўлган янги намунадаги паспортларни жорий этиш тўғрисида Фармони қабул қилингани аҳоли ўртасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айримлар бундай паспортлар маълум доирадаги одамлар учунгина керак деса, баъзилар бармоқ изларини олишади, фақат чет элга тез-тез бориб турадиган фуқаролар ундан хорижий паспорт сифатида фойдаланади, дейишмоқда. Бошқа бировлар эса янги намунадаги паспортда одамнинг вазни ўсиб бориши ва кўзларининг ранги инобатга олинади, деган фикрни ўртага ташлаяпти. Кўриниб турибдики, мутахассис шарҳисиз биометрик паспортнинг асл моҳияти хусусида бир тўхтамга келиш мушкул. Шуни инобатга олиб мухбиримиз Фармонда кўзда тутилган ҳолатларнинг моҳиятини тушунтириб беришини сўраб Ўзбекистон Республикаси ИИВ Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Б. Шорихсиевга мурожаат қилди.
– Бадриддин Усмонович, аввало янги намунадаги паспорт эгасининг айнан қандай биометрик маълумотлари хусусида гап кетаётгани ва бундай зарурат нега туғилганини тушунтириб берсангиз.
– Келинг, сўзимни саволингизнинг иккинчи қисмига жавоб бериш билан бошлай қолай. Агар эътибор берган бўлсангиз, Фармонда Ўзбекистон Республикаси Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО)нинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлиги аниқ-равшан кўрсатиб ўтилган. Шундай экан, унинг барча талабларига бўйсуниб, билдираётган тавсияларига риоя қилиниши зарур. ИКАОга аъзо бўлган давлатлар зиммасига юклатилаётган мажбуриятлардан бири электрон машина ҳисоблайдиган ҳужжатлар, яъни паспортларни олиб ўтиш хавфсизлигини таъминлашда стандарт талабларига риоя қилишдан иборат. Шуни унутмаслик лозимки, паспорт том маънода қимматли ва инсон шахсини белгиловчи, у ёки бу давлат фуқароси эканлигини англатувчи, ниқоят, халқаро сайёқликда муқим омил бўлган ҳужжат ҳисобланади. Шу боис қам Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Чикаго конвенцияси (1944 йил декабрь) ва Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО)нинг Монреаль Ассамблеясининг 2004 йилдаги қарори (резолюцияси) га мувофиқушбу ташкилотга аъзо давлатлар 2010 йилдан кечиктирмай эгаларининг шахсий биометрик параметрлари ва белгиланган маълумотлари ҳақида электрон ахборот жамланган ҳамда юқори ҳимоя даражасига эга фуқаро паспортларининг жорий этилишини таъминлашлари шарт. Шундай қилиб Фармонда таъкидланганидек, биометрик маълумотларга эга паспортлар халқаро фуқаро аэронавигацияси хавфсизлигини таъминлаш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг қалбакилаштирилишига қарши ҳимоя даражасини ошириш, Давлат чегарасидан ўтишда шахсни аниқва тезкор идентификациялаш механизмларини такомиллаштириш, халқғаро авиациялар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилмоқда. Ҳозиргача дунёнинг 100дан ортиқ мамлакатида замонавий ахборот технологиялари ёрдамида тайёрланган биометрик параметрли паспортлар жорий этилган.